ОЛИС ЮЛДУЗ ШУЪЛА ТАРАТАР

ОЛИС ЮЛДУЗ ШУЪЛА ТАРАТАРОЛИС ЮЛДУЗ ШУЪЛА ТАРАТАР



Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллиги арафасида







Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони - Мир Алишер Навоий , “Даврон элининг жисмида жон бўлғон” мўътабар устоз!

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.


Бетакрор ва боқий сиймо. У яратган асарлар самодек тиниқ, тонгдек шаффоф, мусиқий оҳанглар билан йўғрилган. Алишер Навоий асарларини ўқир эканмиз, ҳар бир сатридан ўз халқига, инсониятга чексиз меҳр, у билан бир жон, бир тан эканликни англаш қийин эмас.

Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.


Алишер Навоий жозибадор байтлари билан инсониятга сўзнинг сеҳрини, ҳаётнинг маъносини, саодатнинг эшигини очиб бераётгандек. Бу гулшанда саодатнинг калити одамларга яхшилик қилишда эканлигини англатади.

Бу гулшан ичра йўқтир бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур яхшилик била чиқса от.


Алишер Навоий-улуғ устоз, ғазал мулкининг султони. У бир умр:

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами,-
деган шиорига содиқ қолган.
Жаҳонки муқаддас нени кўрибди,
Барига онасан, эй қодир ҳаёт.
Асрлар қаъридан боқиб турибди,
Нурли бу юзларга нуроний бир зот.
Шу буюк ўғлингни ардоқлаб дилдан,
Халқим, таъзим этсанг арзигай тамом.
Унинг номи билан бирга битилган
Дунё дафтарига ўзбек деган ном.
Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади.
Лаҳза-лаҳза чиқдиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю ул шўхи бадхў келмади.



Навоий 60 йиллик умри давомида ўз даврининг ижтимоий-сиёсий воқеликларини, инсон туйғуларини, унинг камолини, ўз орзу-тилакларини бой адабий илмий меросида акс эттирди.

Навоийнинг мана шу бой бадиий, ижодий даҳоси ўз давридан бошлаб адабий ҳаётимизда алоҳида бир мактаб бўлиб келди.

Навоий “Хазойин ул-маоний”да айтганидек, “Умр фусулининг навбаҳори”га сайр этсак.

Ёш Алишер болалигиданоқ ўзининг ўткир зеҳни, зийраклиги ва хушхулқи билан барчани ҳайратга солган. У уч-тўрт ёшидаёқ шеъриятга меҳр қўяди, тўрт-беш ёшида Қосим Анвор ғазалларини ёд билади, мактаб ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини тўлиқ ёдлайди.

Навоий ўз умрининг иккинчи даврини “Йигитлик нодирликлари” деб атади. У етти-саккиз ёшларида ғазаллар битган бўлса, ўн икки-ўн уч ёшларида мамлакат бўйлаб шуҳрат таратади, эл эътиборини қозонади. Навоий йигитлик йилларида ўзи севган шоирларнинг “ширин ашъори ва рангин абъётидин” эллик мингдан ортиқ байтни ёд билган.

“Фусулнинг хазони, тириклик боғининг барг- резининг нишони” бўғон фасл. Алишер Навоий умрининг бу даврида мамлакатда “Амири кабир” – (Улуғ вазир) сифатида ўзининг олижаноб ва энг юксак орзулари – халққа хизмат қилиш, мамлакат осойишталигини сақлаш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш, илм-фан ва адабиёт, ободончилик ва маданиятни ривожлантиришдек улкан ишлар қанчалик оғир ва маъсулиятли бўлмасин, уларни катта меҳр-муҳаббат ва улуғворлик билан амалга оширди. Шу билан бирга, бир лаҳза ҳам ижоддан тўхтамади.

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.
Керак шер олдида шер жанги,
Гар шер ўлмаса бори паланги.


Буюк “Хамса”ни яратиб, Низомий, Хисрав Деҳлавий, Жомийга ҳамқадам бўлиб, буюклар қаторидан жой олган ҳазрат Навоий ўз олдига қўйган мақсадини шараф билан адо этди.
Замонининг аллома шоири, устози Жомийнинг юксак баҳосига мушарраф бўлди. Ҳусайн Бойқаро эса “Бу қаламга фалакдин офаринлар ёғилсин” дея ният билдирди.
Тўртинчи фасл – “Умр фусулининг қиши”. Навоий ишқ дарди ва ранжининг умр охирида кўрсатган натижаларию жонни ўртовчи кечинмаларини “Фавойид-ул кибар”да жамлаган.

Алишер Навоий ҳақида шоирнинг дўсти, маслакдоши Ҳусайн Бойқаро ўз “Рисола”сида дейди : “Мир Алишер турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан руҳ-жон киргизди… У ҳар бир шеър тури майдонига топқир отини сурар экан, ўша мамлакатни тил қиличи билан ўзига тобеъ этди. Унинг назмини мақташга тил нуқсонли ва қалам ожиздир ва бу кун назм дунёсининг рубои маскунида қаҳрамон удур ва уни бу мамлакатни қўлга киритган соҳибқирон деса бўлади”.

Олис юлдузларнинг нури улар сўнганидан кейин ҳам минг-минг йиллар мобайнида она-Еримизга ёғилиб турар экан.

Мир Алишер ўз давридаёқ буюк даҳолар сафидан мустаҳкам ўрин олиб, ўзбек номини жаҳонга машҳур қилиб, она халқимиз тимсолига айланди, унинг уммон қадар бепоён ижодидан ҳар ким ўз истеъдодига яраша баҳраманд бўлади. Зеро, Навоийнинг ҳар байти ҳикматли бир китоб.

Биз шундай улуғ мутафаккир шоиримиз борлигидан фахрланамиз, ифтихор қиламиз.

Барчамизга, адабиёт аҳлларига шеърият байрами муборак бўлсин.

Бирин-кетин ўтиб борар асрларнинг карвонлари,
Оҳ, нечоғлик хатарлидир унинг ошар довонлари,
Инсон зоти муродига азал-абад етар эди.
Ушалса гар умидвор зот Навоийнинг армонлари,
Фурсат келди дўсту ғаним кимлигини билай бу кун.
Жами башар фарзандига саодатлар тилай бу кун,
Кўкка боқиб саҳар чоғи илтижолар қилай бу кун,
Нурга тўлсин азиз бобом, Навоийнинг маконлари.

Дильфуза Сабирова

7-02-2015, 21:22 | 1440
Комментарии: 0

Партнеры

advertisement