Инсонийлик

Инсонийлик
ЎЗБЕКЧА ИШ!

Сычевода номаълум заҳарли моддадан заҳарланган оилани уларнинг қўшниси Ўзбекистон фуқароси қутқариб қолди.

Ўтган хафтада Москва областининг Коломенский райони Сычево қишлоғида бутун оила номаълум заҳарли модда билан заҳарланди.


Ҳозир барча жабрланувчилар – пенсионер Борис Кабанов, унинг ўғли Игорь Кабанов рафиқаси Галина Кабанова билан, уларнинг қизи Елена Никифорова ва эри Павел Никифоров – касалхонада оғир аҳволда ётишибди. Бутун бошли оиланинг омон қолишига эса ўзбекистонлик Акмал Туев сабабчи бўлди.
Бухоролик Акмал Туев оилали, тўрт қизи ва бир ўғли бор. Оила аъзолари юртимизда яшашади. Акмал муқаддам Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларида ишлаб, нафақага чиққан. 5 йил аввал кўпчилик ватандошлари сингари Россияга келиб ишлашга қарор қилди. Айни пайтда хусусий тадбиркорлик ташкилотларининг бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаяпти. Ижарага олган уйи эса Зеленой кўчасида, жабрланувчилар уйига қарама-қарши жойлашган.

5 июль куни Акмал Туев уйдалигида қўшниси Борис Кабанов ёрдам сўраб югуриб келди. Унинг айтишича, уйга келса, бутун оиласи ертўлада беҳуш ётишган экан. Ўйлаб ўтиришнинг фурсати эмасди, Акмал шу заҳоти ёрдамга шошди.

- Подвал тирқишидан қарасам, полда беҳуш ётган тўрт киши кўринди, ичкаридан эса худди мингта тухум бирдан палағда бўлганга ўхшаш кўланса ҳид чиқарди. Ичкаридан одамларни олиб чиқиш осонмас, чунки тирқиш жуда кичик (бор-йўғи 50х50см.) эди, - дейди Акмал Туев.
Таваккал қилишга тўғри келди, Акмал бир амаллаб пастга тушди ва тирқишга яқин ётган Елена Никифоровани ёнига келди.

- Озғингина ва нозик бу аёлни кўтариб ертўладан олиб чиқдим. Ичкарида заҳарли буғдан заҳарланиб қолмаслик учун ўзим нафас олмасликка ҳаракат қилдим. Еленани ерга қўйгач, тоза хаводан тўйиб нафас олдимда, қолганларни ҳам олиб чиқиш учун ортга қайтмоқчи бўлдим. Шу пайт аёл нафас олмаётганини сезиб қолдим.

Акмал ўзини йўқотмай, сунъий нафас олдиришга тушди. Бир неча дақиқа ўтмай, Елена нафас ола бошлади. Акмал Туев эса ертўлада қолган яна уч кишини қутқаришга шошди. Бу вақтда Борис Кабанов қўшнисига қўлидан келганича ёрдам бермоқчи бўлди, аммо қўлини кесиб олгач, Акмал унга ҳалал бермаслигини, бу ишни ўзи уддалашини айтди. Ахир, бу кекса кишини ёрдам учун кучи ҳам етмасди-да.

Яна ертўлага тушган Акмал бир ўзи эркак ва аёлни бирданига олиб чиқишга қарор қилди. Аёлни кўтариб, Павел Никифоровни арқон ёрдамида олиб чиқишга ҳаракат қилди. Шу пайтда Акмалнинг ўзи ҳам заҳарли ҳиддан буғила бошлади. У яна бир дақиқалардан сўнг ўзи ҳам ҳушини йўқотишини тушунди. Дарҳол ташқарига чиқиб, баланд овозда бақириб одамларни ёрдамга чақира бошлади. Унинг овозини эшитиб икки маҳаллий киши келди, аммо бу эркаклар ёрдам бериш ўрнига қўшимча қийинчилик туғдиришди.

- Мен уларга ертўлага тайёргарлик кўрмасдан кириб бўлмаслиги айтгандим, - дея эслайди Акмал. – Аммо улар менга қулоқ солишмади, навбат билан ичкарига киришди ва у ерда иккови ҳам ҳушини йўқотди. Ертўлада жабрланувчилар яна тўртта бўлиб қолди..

Шу пайтда кекса қўшни аёл Людмила ёрдамга келиб қолди. Кекса аёл Акмалга ёрдам берди, арқонни учини ушлаб турди, Акмал ичкарида жабрланувчиларни арқонга боғлади. Кейин икковлашиб уларни тортиб чиқара бошлашди “Тез ёрдам” ҳам етиб келди. Икки шифокор аёл ва ҳайдовчи киши Акмалга ертўлада қолган жабрланувчиларни олиб чиқаришда ёрдам берди. Ҳамма қутқариб бўлингач, Акмалнинг ўзи ҳушини йўқотди.

- Кўзимни очсам, кислородли ниқобдаман, қандай йиқилдим, эслолмайман, - дейди Акмал. – Кейин «Тез ёрдам» касалхонага беш кишини – Игор, Галина, Елена, Павел ва ертўлага кирган яна бир қўшнини олиб борган. Борис касалхонага ётишдан бош тортганди, аммо эртаси куни ўзини ёмон ҳис қилди. Ахир, у 81 га кирди, ертўлада икки марта йиқилганди.

Акмал ўша кўнгилсиз кунни эслаб, ёнингда кишиларни қандай ўлаётганини кўриш жуда қўрқинчли бўлишини тан олди. Айниқса, ўзи ҳам уларни қутқара олмай ҳушини йўқотишдан жуда қўрқди. Туев ўз ҳаракатларида ҳеч қандай қаҳрамонлик кўрмайди, у оддийгина ва ғурур билан “Мен инсонийларча ва қўлимдан нима келса, шуни қилдим ”, дейди.

Фавқулодда вазият оқибати Акмалга эртаси куни билинди, у ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Аммо Туев касалхонага бориб ҳам ўтирмади, у заҳарланишни қандай даволашни биларди.

- Кўпроқ сут ва қатиқ (кефир) сотиб олиб ичдим. Ҳозир ҳаммаси жойида, душанба кунидан ишга чиқдим..
Жабрланган қўшниларини кўриш учун эса ҳали бора олгани йўқ, уларнинг аҳволини қўшниси Игор Кабановдан билиб турибди. Ҳаммаси ортда қолганига қарамай, унинг довюраклиги сабаб ҳаётга қайтган инсонлар учун жуда қайғураётгани Акмалнинг кўзларидан билиниб турибди. Тўғри, ҳали улар ҳушига келиши, соғлигини тиклаши керак, аммо энг муҳими, улар тирик!

Н. Кузнецова
С.Хаитбаева

12.07.2012
13-07-2012, 23:51 | 1377
Комментарии: 0

Партнеры

advertisement